13−15 май кунлари Туркманистон орқали Эрон ҳудудидан жануби-ғарбий ҳаво оқими кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчиликларсиз ёзги об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзгидромет маълумотига таяниб хабар қилди.

Бу кунлари ҳаво ҳарорати ўртача меъёрий кўрсаткичдан 2−3 даража баланд бўлади ва кундузи +28…+33, кечаси +15…+20 даража атрофидаги ташкил этади.

Пайшанба ва жума кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Каспий денгизи ҳудудидан салқин ва нам ҳаво оқимлари кириб келиши сабабли айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликлар кутилаётгани йўқ.

Салқин ва нам ҳаво оқимлари шанба куни бутун республикага таъсирини кўрсатишни бошлайди — айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ёмғирлар тўхтайди. Ҳаво ҳарорати кечаси +15…+20 даража атрофида бўлса, кундузи ўртача меъёрий кўрсаткич — +25…+30 даражага қадар тушади.