Кеча Бухоро шаҳрида «Мен соғлом турмуш тарафдориман» шиори остида юриш бўйича марафон ва «Бухоро» спорт мажмуасида оммавий бадантарбия ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марафонни вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошқариб борди. Шу куни эрталаб вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва ходимлари, таниқли эстрада хонандалари ва кино актёрлари, талабалар Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ёнида жам бўлди.

Тадбирда бокс бўйича жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов иштирок этди. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ёш картингчиларнинг ҳам иштироки таъминланди.

Ўн минг нафарга яқин марафон қатнашчилари Бухоро нефть ва газ саноати коллежидан «Бухоро» спорт мажмуасига бўлган масофани босиб ўтишди. Мажмуада эса бадантарбия машқлари ўтказилди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ўктам Барноев соғлом турмуш тарзининг аҳамияти хусусида сўз юритар экан, эндиликда бу каби тадбирларни кенг қамровда ва доимий тарзда равишда ўтказиб турилишини таъкидлади.

Соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири бўлган юриш ва бадантарбия тарғиботига ҳисса қўшиш, бу борада аҳоли қизиқишини оширишда барчани фаолликка чорлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан холи, чиройли ва бахтли яшаш омилидир.