Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида Т. Комилов ва З. Зоиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ларга нисбатан жиноят иши кўрилиб чиқиб, ҳукм ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Алишер Сайдуллаев «Газета.uz"га хабар берди.

Муқаддам судланган Т. Комилов Кармана туман Бандликка кўмаклашиш маркази меҳнат инспектори лавозимида ишлаб келган. У Кармана тумани Бандликка кўмаклашиш маркази «Вақтинчалик бир марталик ишлар билан таъминлаш бюроси» директори З. Зоиров билан ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланишган ҳолда фуқаро Д. Очиловни ишончига киради.

Яъни Навоий шаҳрида жойлашган «Мунжал шифер» МЧЖга ишга киритиш хизмат вазифаларига кирмаса-да, уни жамиятга қоровуллик вазифасига ишга киритишни ваъда қилиб, мансабдор шахсга пора тариқасида пул бермаса ишга киролмаслигига ишонтириб, «Мунжал шифер» МЧЖ раҳбарларига пора беришга қизиқтириб, ундан 2 млн. сўм пул талаб қилиб келишган.

Судланувчилар 2018 йилнинг 19 декабрь куни жабрланувчидан 1 млн. 500 минг сўмни Кармана тумани «Варқ» МФЙда жойлашган яшаш уйи ёнида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.

Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб текширилиб, муқаддам судланганлигини, судланувчилар айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган қилмишидан пушаймондалигини инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг нормаларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
168-моддаси 3-қисми «б,в» бандлари ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» банд билан судланувчи Т. Комиловга ЖКнинг 59, 60, 61-моддалари тартибида
2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи З. Зоировга ЖКнинг тегишли моддалари тартибида 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баравари, яъни 12 163 800 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.