Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров қонида таъқиқланган модда аниқлангани сабабли уни саккиз ойга дисквалификация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар берди.

Январда 2019 йилги Осиё Кубоги вақтида миллий терма жамоа дарвозабонининг допинг таҳлили ижобий натижа берган эди. Голкипер миллий терма жамоа шифокорлари билан суҳбат вақтида терма жамоа шифокорларининг рухсатисиз ва уларни огоҳлантирмай вазн ташлашга ёрдам берувчи дори қабул қилганини айтиб ўтган.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош шифокори Аброр Пирриев футболчи биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчилари қурбонига айланганини маълум қилди.

Допинг намуна натижалари тўғрисида январь ойи охирида Игнатий Нестеров билан шартнома имзолаган Саудиянинг «Уҳуд» жамоаси Саудия Арабистони Футбол федерациясига жамоа дарвозабони регистрациясини алмаштиришга рухсат сўраб мурожаат қилганидан сўнг маълум бўлди.

Игнатий Нестеровнинг дисквалификация муддати 13 октябрь куни тугайди. Дарвозабон машғулотларда иштирок этиши ҳамда дисквалификация муддати тугашига икки ой қолгандан — 13 августдан бошқа жамоалар билан шартномалар имзолаши мумкин.

35 ёшли Игнатий Нестеров 2002 йилдан буён 106 та учрашувда Ўзбекистон термаси дарвозасини ҳимоя қилди. Осиё Кубогида терма жамоа 1/8 финалда пенальтилар сериясида Австралиядан мағлуб бўлиб (2:4), мусобақани тарк этди.

ЎФА Ўзбекистон термаси сентябрда 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш учрашувларидаги иштирокини бошлайди.