Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Facebook-саҳифасида мамлакатда шу вақтга қадар блокланган сайтларга кириш тўлиқ тиклангани ҳақида хабар берди.

ЕХҲТ нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги расмий мурожаати агентлик томонидан ўрганиб чиқилди. Арлем Дезир апрелда Ўзбекистон ҳукуматини оммавий ахборот воситалари сайтларини блоклашга барҳам беришга чақирган эди.

«Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди», — деб ёзди агентлик раҳбари.

Хабар эълон қилинган вақтда «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтларга кириш тўлиқ тикланди.

Шу билан бирга, Комил Алламжонов хориж оммавий ахборот воситалари, умуман, журналистларни касб этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган, миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўради.

У президент доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлашини қайд этиб ўтди. «Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради», — деди Комил Алламжонов.