Токио-2020 олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси вице-президенти Тошиаки Эндо Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди. Кунчиқар юрт вакиллари бошчилигидаги делегация бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонни МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди. Ҳар икки томоннинг ўзаро суҳбат жараёнида МОҚ раҳбарияти ва мутасаддилари, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набуаки Ито, шунингдек, қатор ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Умид Аҳмаджонов кенг доирадаги суҳбат давомида меҳмоннинг юртимизга қилган ташрифидан беҳад мамнун эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида япониялик меҳмон хам сўзи аввалида бундай ташрифдан хурсанд экани ва уни илиқ кутиб олишгани ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш масалаларида ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат якунида икки томон вакиллари ўзаро совғалар алмашиб, эсдалик учун суратга тушишди. Шунингдек, мартабали меҳмон МОҚ музейига ташриф буюриб, ўзбек спортинин тарихи билан яқиндан танишди.

Тошиаки Эндо куннинг иккинчи ярмида яқинда қуриб битказилган «Ҳумо» спорт комплексини кўздан кечиради.