Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги фармойишига асосан Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар Олмазор туманида «Дамаши» каналининг узунлиги 1 100 метр бўлган қирғоқ бўйи минтақасида кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, «Сой бўйи» сайилгоҳи барпо этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мақсадлар учун Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан зарур миқдорда маблағлар ажратилди.

Канал қирғоқ бўйи минтақаси 7 та лотга бўлиниб, уларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам турли хил ресторанлар, дам олиш масканлари, коворкинг маркази, фитнесс клуби ва бошқа бир қатор объектлар ҳамда жаҳонга машҳур Эйфель ва Пиза миноралари, Лувр пирамидаси ва бошқа шунга ўхшаш объектлар макетлари барпо этилди.

Шунингдек, муҳтарам президент томонидан илгари сурилган ташаббус асосида паркка туташ ҳудудда аҳоли учун қулай кутубхона барпо этилди.

Жорий йил 9 май куни ушбу сайилгоҳнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтиб, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фахрийларимиз учун байрам тадбири ўтказилди.