Қозон шаҳри мэри Ильсур Метшин ижроия қўмитаси ходимлари ва шаҳар Думаси депутатларига ўқувчиларнинг овқатланиш сифатини шахсан текшириш учун май ойи давомида мактаб ошхоналарида овқатланишга топшириқ берди, дея хабар қилди РИА Новости.

Амалдорларнинг кунига 69 рубль эвазига овқатланишларига тўғри келади — Қозон шаҳридаги мактабларда 5−11-синф ўқувчилари учун тушлик нархи шунчани ташкил этади.

«Биз етарлича оддий йўл тутамиз: барча 162 та мактабни ўзаро бўлишиб оламиз. Ва май ойида душанбадан шанбага қадар мактаб ошхоналарида овқатланамиз. Ҳар биримиз чўнтагимизга 69 рублни солиб, огоҳлантирмасдан борамиз ва мактаб ошхонасида тушлик қиламиз. Бироқ менга назоратчи керак эмас — биз қаерда муаммо борлиги, қаерда бино, ўриндиқлар етишмаслиги, қаерда қандай қоидабузарликлар мавжудлигини аниқлашимиз керак», — деди Ильсур Метшин мэриядаги йиғилишда.

Мэрнинг қайд этишича, мактабларда овқатланишни ташкил этишга етарлича эътибор қаратилаётгани йўқ ва у бу йўналишдаги ишларни кучайтиришни талаб қилди.

Мэрнинг фикрича, мазкур масалани ҳал этиш учун ота-оналар қўмиталарини жалб этиш лозим. Мактабларда овқатланиш сифатини таҳлил қилиш билан эса ижроия қўмитаси ходимлари ва маҳаллий депутатлар банд бўлиши зарур. Мактабларда овқатланишни ташкил этишга ёзги таътил вақтида ўзгартишлар киритилиши белгиланган.