Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Боғистон кўчасида 9 қаватли 24 та уй бунёд этилиши лойиҳалаштирилган. Ҳозирда 10 та уйда қурилиш якунланиб, ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевга уйларнинг қурилиш технологияси, сифати ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 21 декабрь куни бу ерга келиб, қурилиш макетлари билан танишган, зарур кўрсатмалар берган эди. Орадан беш ой ўтиб, бу ерда мавзе пайдо бўлди.

Уйлар инновацион усуллар асосида қурилган бўлиб, деворлари қўшимча материаллар билан қопланган. Бу иссиқликни сақлаш, энергияни тежаш имконини беради. Иситиш ва совитиш тизими ҳар бир хонадонда мустақил бошқарилади.

Президент бу уйларнинг сифати, энергияни тежаши халқ учун маъқуллиги, шу тажриба асосида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам турар жойларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.