Ҳукуматнинг 2019 йил 8 майдаги қарори билан Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи драматик ва мусиқий асарларни танлаш ва харид қилиш бўйича ишчи гуруҳ хулосасига кўра, маданият вазирининг буйруғига асосан тўланади.

Низом билан ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Асар ишчи гуруҳга тақдим қилинганидан сўнг 5 иш кунида белгиланган талаб ва мезонларга жавоб бериши текширилади.

Ишчи гуруҳ 20 кунда асарларни кўриб чиқиб қийматини баҳолайди ҳамда ҳар чоракда камида бир маротаба асарлар юзасидан хулоса тайёрлаб уларнинг баҳосини белгилайди.

Маданият вазирлиги ишчи гуруҳ берган хулосага асосан 10 кунда муаллифлик ҳақини тўлаш бўйича буйруқ қабул қилади.

Муаллифлик ҳақи тўланган асарлар 6−12 ой давомида давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида ижро этилиши шарт.