Самарқанд шаҳрида «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Самарқанд шаҳрида «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилди.

Филиал фаолиятининг асосий вазифаси халқаро талабларга мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни юқори даражада бажаришга қодир малакали кадрлар тайёрлашдир.

Филиал Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган таълимнинг асосий йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим муассасасидир.

Филиалда таълим Россия Федерацияси федерал таълим стандартларига мувофиқ рус тилида амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Филиал кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб, 2019/2020 ўқув йили ва кейинги йиллар учун талабаларни қабул қилиш квоталари ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгилайди.