2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши муносабати билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида «Қозоғистон таълим кунлари» деб номланган кўргазмалар ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграм канали орқали хабар берилди.

«Қозоғистон таълим кунлари» кўргазмалари шу йилнинг 10−21 май кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Нукус шаҳарларида бўлиб ўтади:

Тошкент шаҳрида 10−11 май кунлари Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (Яккасарой тумани, Боббур кўчаси 45-уй) да;

Самарқанд шаҳрида 13−14 май кунлари Ёшлар марказида;

Қарши шаҳрида 15−16 май кунлари Ёшлар марказида;

Бухоро шаҳрида 16−17 май кунлари Ёшлар марказида;

Нукус шаҳрида 20−21 май кунлари Ёшлар марказида.

Кўргазмалар соат 10:00дан 17:00гача фаолият кўрсатади. Уларда Қозоғистоннинг 40 дан ортиқ ОТМ вакиллари иштирок этади.

Тадбирларда Қозоғистон Республикасининг олий таълим бўйича имкониятлари намойиш этилиб, мамлакатнинг етакчи экспертлари томонидан тақдимотлар ўтказилади.

Кўргазмаларга кириш бепул, унда барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин.