2019 йилнинг 5 май — 5 июнь кунлари барча адлия органлари ва муассасаларида «Ҳуқуқий маданият ва Одоб-ахлоқ ойлиги» деб номланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

«Ҳуқуқий маданият ва Одоб-ахлоқ ойлиги"да қуйидаги табдирларни амалга ошириш белгиланди:

ходимларни қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, ҳар бир ходимда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантиришни таъминлаш;

жойларда аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, шу жумладан ходимларнинг ташкилотлар, ўқув юртлари ва маҳаллаларда учрашувларини ташкил этиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш;

ходимларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданияти, уларнинг қонунларни билишлари ва унга амал қилишларини, ўз фаолиятларида оқилона қўллай оладиган тарзда ҳуқуқий билимга эга бўлишини таъминлаш;

адлия органлари ва муассасалари ходимлари орасида коррупцияни олдини олиш ва уни бартараф қилиш;

«Очиқ эшиклар куни» тадбирини ташкил этиш;

адлия органлари ва муассасаларида «Ҳуқуқий билимлар куни"ни ташкил этиш.

«Ҳуқуқий маданият ва Одоб-ахлоқ ойлиги"ни ташкил этишдан мақсад адлия органлари ва муассасаларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, улар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш, шунингдек адлия органлари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ва уларни қонун ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялаш ҳисобланади.