Тошкентда сохта миллий валюталарни тайёрлаш ва сотишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди, дея хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

4 майга ўтар кечаси Тошкент вилоятидадан муқаддам судланган 24 ёшли Сардор Ш., Тошкент вилоятидадан 24 ёшли Бехзод Т., Тошкент вилоятидадан 20 ёшли Иброҳим Х. ва Андижон вилоятидан 23 ёшли Хумоюнбек О. Тошкентнинг Чилонзор туманига келиб, 23 ёшли Шоира А.га етти дона 100 минг сўмлик пулни сотади.

Қиз ушбу банкнотлардан бирини 33 ёшли Хамидулло М. — хусусий таксичилик билан шуғулланувчи Nexia ҳайдовчисига беради. Таксичи пулнинг сохталигини аниқлагач, бу ҳақда шу яқин-атрофда хизмат фаолиятини олиб бораётган Тошкент ИИББ ЙПХ инспекторига маълум қилади.

Ёшлар миниб келган автомобиль худди шу куни аниқланиб, 3:30 да тўхтатилди. Текширув вақтида автомобилда 100 минг сўм номиналдаги 51 дона сохта банкнот, миллий валюта чоп этилган 25 дона А4 форматидаги қоғоз ва сохта пулларни чоп этишда қўлланилган Canon принтери мавжудлиги аниқланди.

Суд-криминалистика экспертизаси иш бўйича олинган барча 58 та 100 минг сўмлик купюраларнинг сохта эканини тасдиқлади.

Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-модда 2-қисми (сохта пуллар, акциз марка ёки қимматли қоғозларни тайёрлаш ва сотиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қўлга олинганлардан бири Сардор Ш. ёшлар Тошкентнинг ҳар хил туманларида сохта пулларни сотганини тан олди.

Эслатиб ўтамиз, 100 минг сўмлик янги купюралар февралда чиқарилган эди. Унда Мирзо Улуғбек, унинг расадхонаси, астрономик асбоблар ва Қуёш тизими тасвирланган.