Монополияга қарши курашиш қўмитаси Galaxy тиш пастасини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхонага қадоғида Colgate дизайнини имитация қилувчи маҳсулотни сотишни тўхтатишга буйруқ берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Қўмитага Американинг Colgate-Palmolive компаниясидан Ўзбекистоннинг Torimed Pharm МЧЖ томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилгани тўғрисидаги мурожаат келиб тушди. Маҳаллий корхона Galaxy маҳсулотининг ташқи кўринишини Colgate савдо белгиси билан алмаштириш даражасига қадар ўхшатган.

Colgate-Palmolive компанияси Colgate сўзини қўллаган ҳолда савдо белгиси остида тиш пасталарини ишлаб чиқаради. Torimed Pharm корхонаси ҳам тиш пастаси ишлаб чиқаради, 2016 йилда у «Galaxy, Galaksi, Галакси» савдо белгисига гувоҳнома олган.

Бироқ тиш пастаси елим идишлари ва қадоғидаги ранглар ҳамоҳанглиги ва бошқа белгилар Colgate-Palmolive компанияси ишлаб чиқарадиган маҳсулот ташқи кўринишини эслатади. Шундай экан, истеъмолчида тиш пастасини ишлаб чиқарувчига нисбатан иккиланиш пайдо бўлиши мумкин, дея қайд этди қўмита.

Носоғлом рақобатга олиб келувчи ҳолат юзасидан қўмита томонидан Torimed Pharm корхонасига нисбатан иш қўзғатилди. Қўмита томонидан «Рақобат тўғрисида"ги Ўзбекистон қонунининг 13-моддаси бузилган деб топилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчига Colgate-Palmolive компанияси маҳсулотлари қадоқларини эслатувчи қадоққа эга маҳсулотларни сотувдан олиш, омборхонадаги қадоқларни йўқ қилиш мажбурияти юклатилди.