Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги қарори билан Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилинади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтилади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

зарур бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

мутахассислар дипломлари нусхалари.

Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Сўровнома тўлдирилганидан сўнг Давлат хизматлари марказлари бир соатда уни Қурилиш вазирлигига юборади.

Қурилиш вазирлиги сўровнома тушганидан бошлаб 7 иш кунида гувоҳнома бериш учун ҳисобварақ-фактурани гувоҳнома беришнинг йиғим қийматини (энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида) кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

Талабгор бир ойда йиғимни тўлаши лозим.

Қурилиш вазирлиги йиғим тўланганидан сўнг бир иш кунида гувоҳномани электрон шаклда расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

Давлат хизматлари маркази гувоҳнома тушганидан сўнг 10 минутда уни талабгорга юборади.