8 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Грузиянинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Зураб Абдушелишвилини қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Ишонч ёрлиқлари нусхасини олар экан вазир элчини фаолияти бошлангани билан табриклади ва муваффақият тилади.

Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги Ўзбекистон-Грузия муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан икки томонлама савдони ошириш ҳамда етказиб бериладиган товар ва хизматлар номенклатурасини кенгайтириш ҳисобидан алоқаларни муштаҳкамлашга икки томон ҳам қизиқиш билдирди.

16 июлдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан Тошкент-Тбилиси-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга ва туризм соҳасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришга имкон бериши таъкидланди.