Тошкент ИИББ «Новости Узбекистана» нашрининг Davr bank ходимлари кўп миллионли ўғриликларда гумон қилиниб қўлга олингани тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Ички ишлар органларига Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро У. Ж.дан 9 апрель куни ипотека кредити олиш учун Davr bank Учтепа филиалига мурожаат қилгани ва дастлабки бадал сифатида 75 млн сўмни тўлагани ҳақидаги ариза келиб тушади. Бироқ пул қурувчининг ҳисоб рақамига келиб тушмайди.

Шундан сўнг ички ишлар органларига худди шундай характердаги яна 20 кишидан ариза келиб тушди. Уларнинг барчаси кредит олиш ёки банкда шахсий ҳисоб рақамини очиш масалалари бўйича мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-модда (фирибгарлик) 3-қисм «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатди. Жиноятни содир этганликда гумонланиб Davr bank Учтепа филиали ходимлари 28 ёшли Ю.Ж. ва 23 ёшли М.Б. қўлга олинди.

Уларга нисбатан айблов 1 май куни эълон қилинди, худди шу куни жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди айбдорларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлади.

Айни вақтда Тошкент ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жиноят ишини тергов қилмоқда.