Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланди. Бу ҳақда «Газета.uz» махбири хабар берди.

Мажлисда мазкур ҳужжат урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришга қаратилгани қайд этилди.

Қонунда ер учаскаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли органлар — Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, «Ергеодезкадастр» қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифалари белгилаб берилган.

Шунингдек ер учаскаларини хусусийлаштириш тартиби ва хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми тартибга солинган. Юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкалари, шунингдек уларга туташ бўлган, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур ўлчамлардаги ер участкалари, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти назарда тутилган.

Қонунга кўра тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари, фойдали қазилмалар конлари жойлашган ер участкалари, давлат мулкидаги стратегик объектлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг ерлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.

Бунда қонунда белгилаб қўйилишича, чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар (норезидентлар), фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ер кодексида ва халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмас. Қонун нормаларида ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек қонунда мустаҳкамлаб қўйилишича, хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланади, хусусий мулк ҳуқуқи эса дахлсиздир ва у давлат томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.

Шунингдек ҳужжатда хусусийлаштирилган ер участкасини олиб қўйишга фақат мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ушбу ер участкасига қаратилганда, шунингдек национализация, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади. Национализация қилиш фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида амалга оширилади, бу томонлар ўртасида тенг шартлар асосида тузиладиган ер участкасининг олди-сотди шартномаси билан расмийлаштирилади.

Хусусийлаштирилган ер участкаси табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ҳолларида ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан вақтинчалик олиб қўйилиши (реквизиция қилиниши) мумкин. Сенаторлар ушбу қонунни маъқулладилар.