Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

Сенат раиси ўз сўзида сувдан фойдаланиш борасидаги камчиликлар ҳақида фикр билдирди.

«Сенат қўмитаси томонидан «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуннинг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига оид қисмининг ҳудудларда ижро этилиши ўрганилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакатимиздаги мавжуд марказлашган оқова сув тармоқларининг 44 фоизи яроқсиз ҳолга келган. Эскирган канализация тармоқларидан сизиб чиқаётган оқова сувлар ер ости сувларига қўшилиб кетмоқда.

«Сувоқова» давлат унитар корхонасига қарашли сув тозалаш иншоотларининг 88 фоизи фаолият юритмайди, улардаги лабораториялар бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Фаолият юритаётган саноат корхоналарида ҳам сув объектлари, жумладан дарёлар ва сойларга оқова сувларни оқизишга оид қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолати қониқарсиздир.

Аксарият корхоналарда сув тозалаш иншоотларининг йўқлиги, борларининг ҳам талаб даражасида эмаслиги оқибатида оқова сувлар биологик ва кимёвий тозалашдан ўтказилмасдан, ҳудудлардаги дарё ва сойларга тўғридан-тўғри оқизилмоқда.

Мисол учун, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли 87 та корхонадан 44 тасида сув тозалаш иншоотлари мавжуд эмас. 2017−2018 йилларда ушбу корхоналардан чиққан саноат оқинди сувларининг 83 фоизи тозаланмасдан, тўғридан-тўғри канализацияга оқизилган.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятига қарашли 10 та корхонанинг 8 тасида сув тозалаш иншоотлари мавжуд эмаслиги ҳам ачинарли ҳолдир.

«Ўзчармсаноат» уюшмасига қарашли 406 та, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тасарруфидаги 206 та корхонадан чиқаётган оқова сувларнинг аксарияти ҳам тиндирилмасдан ва тозаланмасдан тўғридан-тўғри канализацияга ташланмоқда.

Оқибатда мазкур корхоналарга туташ ҳудудларда санитария қоидалари ва гигиена нормалари жиддий бузилмоқда. Хусусан, одамлар зарарли моддалар билан тўйинган сувларни истеъмол қилмоқда. Зотан, мамлакатдаги 58 та сув тозалаш иншоотидан чиқаётган оқова сувлар таҳлил қилинганда, зарарли моддаларнинг белгиланган меъёрларга нисбатан бир неча ўн маротаба юқори эканлиги аниқланди.

Мутасадди тузилмалар эса, бу каби ҳаётий муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича етарлича ташаббус кўрсатмаяпти. Шу боис, биз мазкур масалани кун тартибига киритдик ва уни атрофлича муҳокама қилмоқчимиз", — деди Ниғматилла Йўлдошев.