Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

Сенат раиси ўз сўзида суғурта бозоридаги камчиликлар ҳақида фикр билдирди.

«Қонунчиликдаги бўшлиқлар, айрим вазирлик ва идоралар масъулларининг совуққонлиги ва эътиборсизлиги оқибатида миллиардлаб маблағлар мамлакат иқтисодиёти ривожига жалб этилмасдан, четга чиқиб кетмоқда.

Хусусан, бундан 15 йил аввал қабул қилинган ва такомиллаштирилмаган «Суғурта фаолияти тўғрисида"ги қонун суғурта бозоридаги замонавий талабларга жавоб бермай қолган.

10 200 нафар профессионал иштирокчи фаолият кўрсатадиган суғурта бозорини Молия вазирлиги ҳузуридаги бор йўғи 6 нафар ходим ишлайдиган суғурта назорати инспекцияси қўштирноқ ичида «назорат қилмоқда».

Мазкур ташкилот ўз зиммасидаги ваколат ҳамда вазифаларини тўлақонли амалга ошириш имкониятига эга эмас. У аксарият ҳолларда тегишли ҳисоботларни умумлаштириш билангина шуғулланмоқда. Оқибатда мамлакат суғурта бозори назоратдан деярли четда қолиб кетмоқда. Бу эса, фақат ўз манфаатлари йўлида ишлайдиган айрим суғурта ташкилотлари ва уларнинг раҳбарларига қўлкелмоқда.

Мисол учун, Қонун билан берилган имконият, яъни суғурта ташкилотларининг ўз мажбуриятларини мамлакатдан ташқарида қайта суғурта қилиши мумкинлигидан фойдаланиб, мазкур ташкилотлар чет элдаги суғурта компанияларига 2017 ва 2018 йилларда 275 млрд. сўм ёки қарийб 33 млн. АҚШ долларига тенг суғурта тўловларини ўтказиб берган.

Чет эл компанияларидан мамлакатимиз суғурта ташкилотларига қайта суғурталаш учун келиб тушган суғуртатўловлари эса, эътибор беринг, шу даврда бор йўғи 10,5 млрд. сўмни ёки 1,2 млн. долларни ташкил этган, яъни чиқиб кетганига нисбатан 30 баробар кам кирган.

Биргина «АLFA-INVEST» суғурта компанияси икки йилда жами 81,4 млрд. сўм ёки 9,6 млн. доллардан зиёд суғурта тўловларини чет эл суғурта компанияларига тўлаб берган. Бироқ, чет элдан мазкур компанияга бир сўм ҳам келиб тушмаган.

Ваҳоланки, қонундаги қайта суғурталаш йирик объектларни суғурталашда суғурталовчи ташкилотнинг ўз имкониятлари етмай қолганида, суғурта мажбуриятини бошқа суғурталовчи билан ҳамкорликда ўз зиммасига олиш учун яратилган имкониятдир.

Ҳолбуки, мазкур норма амалиётда миллиардлаб сўмнинг четга чиқиб кетишига қўштирноқ ичида «хизмат қилмоқда».

Маълумки, жаҳон амалиётида йирик таваккалларни суғурталашда мамлакатдаги бир неча суғурта ташкилотларини гуруҳларга, жамиятларга ёки уюшмаларга жамлаш орқали, қайта суғурталаш ташкилотларини тузиш тажрибаси ХIХ асрдаёқ йўлга қўйилган. Мамлакатимизда эса, шу кунга қадар бу муҳим механизмдан фойдаланилмаяпти.

Яна бир ҳолат. Маълумотларга қараганда, чет эл компаниялари билан қайта суғурталашда иштирок этиш учун суғурта компаниясининг устав капитали миқдори 30 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги белгиланганига қарамай, мазкур талабни бажармаган ўнлаб суғурта компаниялари бу фаолият билан ноқонуний шуғулланиб келмоқда.

Лекин суғурта назорати инспекцияси ва Молия вазирлиги бундай қонунбузарликлар билан муроса қилиб келган ва айбдорларга қонуний чоралар кўриш учун белгиланган тартибда тегишли идораларга мурожаат қилмаган.

Яна бир афсусланарли жиҳат шундаки, сўнгги икки йилда ихтиёрий суғурта ҳажми бор-йўғи 4 фоизга ошган бир шароитда ундан тушадиган суғурта мукофотлари васуғурта қопламалари деярли икки баробарга кўпайган.

Бу эса, асосан давлат ва давлат улуши бўлган кор-хоналарни суғурталашда мазкур корхоналарнинг раҳбарлари ва суғурта агентлари ўртасидаги турли «келишувлар» орқали шахсий манфаатни илгари суриш ҳолатларидан далолатдир.

Эътибор беринг, мамлакатимиз суғурта ташкилотларининг жами капитали 543 млрд. сўмни ташкил этади. Уларнинг депозитлардаги маблағлари эса, 2018 йилда 54 фоизга ортиб, 1,1 трлн. сўмга, умумий инвестициялари эса 2 трлн. сўмга етган.

Қонуности ҳужжатларидаги турли тўсиқ ва чекловлар эса, мазкур маблағлардан самарали фойдаланиш, жумладан, уларни суғурта компанияларининг устав капиталига жалб этиш имконини бермайди.

Бир сўз билан айтганда, қонун ҳужжатларидаги эскир-ган нормалар, тафовутлар, чалкашликлар ва бошқа камчиликлар бу компаниялар учун истиқбол эшикларини ёпиб қўйган.

Суғурта соҳасидаги оғриқли нуқталардан яна бири кадрлар салоҳияти билан боғлиқдир. Бугунги кунда соҳа ходимларининг бор йўғи 32 фоизи олий ва 30 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Боз устига, уларнинг аксарияти суғуртага алоқаси бўлмаган касб эгаларидир.

Бу каби кўплаб муаммолар суғурта бозорининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу борадаги кўрсаткичлар Ғарбий Европа мамлакатларида 8,4%ни, Шарқий Осиёда 6,2%ни ташкил этган бир шароитда мамлакатимизда бор йўғи 0,4%дан иборат.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғурта мукофотлари миқдори ҳам ҳаддан ташқари камлигича қолмоқда. Мазкур кўрсаткич қатор Европа давлатларида 3 минг, Шарқий Осиёда 280, ҳатто Қозоғистонда 50 долларгаетган бир пайтда мамлакатимизда 6 доллардан ошмаяпти.

Савол туғилади: наҳотки, ҳукуматнинг иқтисодиёт комплекси раҳбарияти, хусусан Молия вазирлиги миллий суғурта бозорида йиллар давомида юзага келган шундай аянчли ҳолатдан бехабар бўлса?

Замон талабларига мос равишда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириб, ҳам миллий суғурта бозорини ривожлантириш, ҳам миллиардлаб сўм маблағни иқтисодиёт ривожига сафарбар этиш тўғрисидаги ташаббуслар нега шунча пайтдан буён илгари сурилмади?

Умид қиламизки, Вазирлар Маҳкамаси бу борада ўз муносабатини билдиради", — дейди Ниғматилла Йўлдошев.