Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман ИИБ ИИОФМБ кучук боласини қийнаб, ўз ҳаракатларини видеога олган ўсмирларнинг шахсини аниқлади, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати. Ролик устидан Mehr va Oqibat Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари шикоят киритди.

Жонивор билан шафқатсиз муносабатда бўлган ака-ука И. ва А.Ё., уларнинг ота-онаси ҳамда улар ўқиган мактабда юқори синф ўқувчилари, ўқитувчилар ва мактаб психологи иштирокида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Болаларнинг 16 ёшга тўлмагани муносабати билан уларга нисбатан жониворлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун улар маъмурий жавобгарликка (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) тортилмайди, шу сабабдан ўсмирлар профилактик ҳисобга қўйилди.

Уларнинг ота-оналарига нисбатан эса МЖТКнинг 47-моддасида (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўзда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилди.

Дўстларининг ҳаракатларини видеотасвирга олган ва уни интернетга жойлаштирган 17 ёшли У.Б.га нисбатан материаллар, жумладан МЖТКнинг 189−1-моддаси (зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) бўйича маъмурий баённома ўсмирнинг яшаш жойи бўйича чора кўриш учун Тошкент вилояти ИИБга тақдим этилди.

Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга чақирди.

Аввал хабар қилинганидек, Mehr ve Oqibat вакиллари мамлакат таълим муассасаларида суҳбатлар ўтказмоқда. Бугунги кунга қадар 43 минг нафардан зиёд ўқувчилар қамраб олинди.