Жорий йил 1 май куни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот эшитилди.

Президент томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш назарда тутилган. Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига учинчи ташаббус — «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш» бўйича 2019 йил давомида 42 та рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бугунги кунда Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани, Наманган вилояти Наманган шаҳри, Бухоро вилояти Когон шаҳри, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида мазкур марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Уларда жорий йил якунига қадар 86 минг нафардан ортиқ ёшларни ўқитиш ва тайёрлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 10 январдаги қарорига мувофиқ Ҳиндистоннинг дастурий технологиялар технопарки (STPI) билан ҳамкорликда илғор тажриба асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил этилди. Бугунги кунда Технопарк биносини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Технопаркни ташкил этиш натижасида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишида 200 дан ортиқ корхона ташкил этиш, 1000 дан зиёд янги иш ўрни яратиш, миллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишни кенгайтириш ва экспорт кўламини ошириш, ахборот технологиялари йўналишида қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари яратилади.

Республикадаги телекоммуникация оператор ва провайдерлари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида республикада кенг полосали ускуналар сиғими 1,12 млн портга, оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 30,1 минг км.га етказилди. FTTx технологияси асосида юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сони 652,5 минг нафарга етказилиб, мақсадли кўрсаткичга эришиш учун оператор ва провайдерлар томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қишлоқ ҳудудларида ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жами 318 та замонавий мультисервис ускунаси ишга туширилди, 248 та аҳоли масканидаги 278 мингдан ортиқ уй хўжалигида кенг полосали тармоқдан фойдаланиш имконияти яратилди.

Мажлисда Қўмита аъзолари томонидан «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган дастурларнинг ижро этилиши ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, жорий йил 14 январда Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбек-Германия Бизнес форуми доирасида умумий қиймати 300,0 млн евро миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Atlas International» (Германия) компанияси билан келишув имзоланган. Бундан ташқари, «Huawei» компанияси ва Хитойнинг бошқа компаниялари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан сенаторлар бу йўналишдаги ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.