Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган беморга нисбатан шафқатсизлик қилинаётгани тўғрисидаги хабар бўйича хизмат текширувини бошлади, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Аввалроқ «Озодлик» радиоси сайтида турмуш ўртоғи А. И. ушбу шифохонада даволанаётган аёлнинг мурожаатини эълон қилган эди. У мурожаатида тиббиёт ходимлари бемор билан шафқатсиз муносабатда бўлганини маълум қилиб, 22 апрелда кузатув камерасида ёзиб олинган тиббиёт ходимининг гўёки турмуш ўртоғини буғаётгани акс эттирилган видеоёзувни тақдим этган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, А. И. (1994 йилда туғилган) психиатрия шифохонасига 16 апрель куни махсус псиатрия тез ёрдам машинасида олиб келиниб, шу куннинг ўзида даволашга ётқизилган. «Беморнинг руҳий ҳолати ўзгаргани сабабли унинг атрофидаги барча одамлар душман сифатида кўринган ва шу сабабли атрофдагиларга шубҳа билан қараган ва ташвишга тушган», — дейилади хабарда.

Беморга тегишли даво чоралари кўрилди, бунда тинчлантирувчи психотроп дорилардан фойдаланилган. «Қайд этиш зарурки, айрим дори воситалари ҳолсизлантиради, организмни тинчлантиради ва уйқучиликни келтириб чиқаради», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохонага куну тун кузатиш учун камералар ўрнатилгани эслаб ўтди. «Агарда тиббиёт ходимлари томонидан беморга нисбатан асоссиз куч ишлатилгани, ҳақорат ва қўпол муомала аниқланса, табиийки, тегишли қонуний чоралар кўрилади», — дея маълум қилди вазирлик.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент ИИББ Миробод туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов олди текширувини ўтказаётганини хабар қилган эди. Бироқ кейинроқ Тошкент прокуратураси беморнинг қариндоши томонидан бўлиб ўтган ҳолат юзасидан ҳеч кимга ҳеч қандай даъво ва эътирози йўқлигини билдиргани сабабли Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-модда 2-қисмига биноят жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилди.