Россия президенти Владимир Путин барқарор Рунет тўғрисидаги қонунни имзолади, ҳужжат 1 ноябрдан кучга киради, дея хабар қилди РИА Новости. Қонун билан «Алоқа тўғрисида» ва «Ахборот, ахборот технологиялар ва ахборот ҳимояси тўғрисида"ги қонунларга ўзгартишлар киритилади.

Ҳужжат Россияда интернет фаолиятига хориждан таҳдидлар вужудга келган тақдирда унинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Россия ҳудудида интернетнинг барқарор, хавфсиз ва белгиланган мақсадларга мувофиқ ишлашини таъминлаш жавобгарлиги Роскомнадзорга юклатилди.

Қонун Роскомнадзор ҳузурида мониторинг ва умумий фойдаланишдаги тармоқларни бошқариш марказини тузишни кўзда тутади. Марказ ҳар қандай фавқулодда ҳолатларда алоқа хизматлари кўрсатилишини таъминлаши, бу каби вазиятларда операторлар фаолиятини мувофиқлаштириши лозим.

Давлат органлари ва корхоналарнинг интернетдаги маълумотлари қўшимча равишда шифрли ҳимоя қилинади.

Қонун ҳокимият органлари, алоқа операторлари ва технологик тармоқлар эгалари иштирокида Россия ҳудудида интернетнинг барқарор, хавфсиз ва мақсадга мувофиқ ишлашига қаратилган хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда Рунетнинг иш қобилиятини қайта тиклаш бўйича доимий машғулотларни ўтказишни кўзда тутади.

Интернетга чиқиши бўлмаган ички тармоқларга нисбатан қонун татбиқ этилмайди.