Самарқанд вилоятида ўтган 2018 йилнинг биринчи чорагида қиймати 69,7 миллион АҚШ долларига тенг товарлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида қиймати 85,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товарлар экспорт қилинди. Бу эса ўтган йилга нисбатан товарлар экспорти 23 фоизга ўсгани кўрсатади, дейилади Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Жартепа» чегара божхона постининг очилиши икки давлат ишбилармонлари ва тадбиркорлари учун ҳам катта имконият эшигини очди. Бугунги кунда самарқандлик тадбиркорлар Тожикистонга, жумладан, Сўғд вилоятига гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, минерал ва кимёвий ўғитлар, парранда-наслчилик, қишлоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилмоқда.

Мазкур божхона пости ходимларининг самарали меҳнат фаолият олиб боришлари натижасида пост орқали ҳаракатланаётган экспортга йўналтирилган юк автомашиналари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб келинмоқда.

Экспортга йўналтирилган юк автотранспорт воситаларининг божхона чегаралари орқали ҳаракатланиши кун сайин ортиб бораётир. Чегара ўтказиш пунктларида эса тирбандликларини олдини олиш мақсадида божхона назоратининг замонавий техник воситалари базаси доимий янгиланмоқда.

Бу борада Давлат божхона қўмитаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси томонидан мазкур чегара божхона пости орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш видео-кузатув тизими орқали онлайн тарзда олиб борилмоқда.

Бундан ташқари тадбиркор ва ҳайдовчилар учун Давлат божхона қўмитаси томонидан яна бир қулайлик жиҳати, эндиликда www.bojxona.uz божхона расмий веб-сайтининг «Тадбиркорлар учун зарур маълумотлар» рукни орқали чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони, божхона юк декларацияларининг расмийлаштирувдаги ҳолати ва очиқ турдаги божхона омборлари бўйича онлайн маълумотлар олиш имконияти яратилган.

Шунинг билан бирга экспорт товарларини божхона назорат зонасидан тезда ўтказиш учун «Жартепа» чегара божхона пости дарвозасига"Экспорт режимига расмийлаштирилган юкли автотранспорт воситалари навбатсиз ҳаракатланади", «Экспорт йўналиши бўйича саволлар юзасидан (66) 230−42−42 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин» номли эслатма белгиси ўрнатилган.