Минерал сувлар (ТН ТИФ 2201 кодли) импортига давлат божини 30 фоиздан 50 фоизга ошириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатда ҳар бир литр учун 0,25 доллар миқдоридаги минимал чеклов ўрнатиш ҳам таклиф этилмоқда (ҳозирда энг кам миқдор чегараси мавжуд эмас).

Қарор «миллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан тўлдириш"га қаратилган.

Korzinka.uz супермарткетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов Facebook ижтимоий тармоғида қарор лойиҳасига ўз муносабатини билдирар экан, шундай деди: «Ҳар қандай импорт қилинган минерал ёки ошхона суви априори маҳаллий сувдан энг камида икки баробар қиммат бўлади… Evian ва Vittel каби сувлар чакана савдода ярим литри 20 минг сўмдан ортиқ, яқин хориждан келтирилган ва савдо келишувлари мавжуд бўлган „Боржоми“ ва „Ессентуки“ сувларига импорт божи тааллуқли эмас, бироқ уларнинг ярим литри 10 минг сўм атрофида туради ва энг қиммат маҳаллий ўхшашидан икки баробардан кўпроққа қиммат. „Соғлом рақобат“ учун яна божларни ошириш керак бўлса, ушбу нарх фарқи бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз учун етарли эмасмикан?»

Эслатиб ўтамиз, февралда президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида «Чортоқ» шифобахш минерал сувини ишлаб чиқаришни йилига 20−30 млн донагача ошириш, шунингдек уларни бутун мамлакатдаги болалар боғчалари, ёзги лагерлар, шифохоналар, ижтимоий дорихоналар ва супермаркетларга етказиб беришни топширган эди.