Тошкентнинг Миробод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган беморга нисбатан шафқатсизлик қилинаётгани тўғрисидаги хабар бўйича тергов олди текширувини ўтказмоқда. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ интернетда Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган А.И. исмли кишининг турмуш ўртоғининг мурожаати эълон қилинган эди. У ўз мурожаатида тиббиёт ходимларининг беморларга нисбатан шафқатсизлик қилаётганини маълум қилган.

25 апрель куни 102 рақамига юқоридаги беморнинг қариндоши бўлган Р.А. исмли фуқародан келиб тушган хабарга кўра, тиббиёт ходими А.И. исмли беморга тан шикастлари етказган, дейилади ИИББ хабарида.

Текширув натижасига кўра қонуний чоралар кўрилади, дея қайд этди матбуот хизмати. Ушбу мурожаат Тошкент шаҳар прокуратураси назорати остига олинди.