«Яндекс Харита» хизмати Тошкент жамоат транспорти йўналишларини кўрсатишни бошлади. Улар ёрдамида керакли жойга автобус, метро ёки йўналишли такси билан қандай боришни билиш мумкин, дея хабар қилди компания Telegram-каналида.

Жамоат транспорти ҳақидаги маълумотлар ҳам мобил иловада, ҳам компьютер талқинида акс эттирилади. Харитада автобус бекатлари, улар орқали ўтувчи йўналишлар ҳамда келиш вақти ва транспорт алмаштириш жойлари қайд этилади.

Хабарда келтирилишича, Tashtrans.uz сайти маъмурияти «Яндекс"га янги хизматни жорий этишда ахборот кўмагини кўрсатди.

Аввалроқ «Яндекс» Ўзбекистон учун бир нечта оммавий илова ва хизматларни маҳаллийлаштирган эди. Жумладан, март ўрталарида Тошкентда «Яндекс Метро», январда — «Яндекс Тирбандликлар», 2018 йилда — «Яндекс Маҳалла» ва «Яндекс Мусиқа»хизматлари, шунингдек «Яндекс Навигатор» иловаси ишга туширилди. Ўтган йилнинг апрелида ишга туширилган «Яндекс Такси» хизмати кенг оммалашди.