Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов таклифи асосида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг архитектура факультети профессор ўқитувчилари ва талабалари Самарқанд шаҳри Спитаменшоҳ кўчасида жойлашган ҳудудида «Ватанпарвар боғи"нинг лойиҳа-таклифини тайёрлашди. Бу ҳақда Zarnews.uz хабар берди.

2019 йилнинг 24 апрель куни мазкур боғнинг бир неча лойиҳа-таклиф тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти.

Лойиҳа-таклифларидан асосий мақсад — боққа ташриф буюрадиган ёш авлод вакилларида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга қаратилган.

Вилоят ҳокими барча таклиф лойиҳалар билан танишганидан сўнг, асосий лойиҳа-таклифига баъзи ўзгартиришлар киритиш бўйича кўрсатмалар берди.

Лойиҳа учун ажратилган майдон 5424 кв. метрни ташкил қилиб, ҳудудда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

1. Ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳудуди;

2. Қизиқарли ҳарбий ўйин ва машқлар ҳудуди;

3. Кўнгилочар аттракционлар ҳудуди;

4. Ҳарбий тарихий музей ва қаҳрамонлар аллеяси;

5. Умумий овқатланиш ва сувда дам олиш ҳудуди.

Лойиҳада Самарқанд шаҳри халқи учун янгилик ҳисобланган осма канат йўли, велодром ва электрон ўқотар мажмуаларини барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳарбий тарихий музей замонавий ахборот коммуникациялари асосида ташкил қилинади. Аксарият экспонатлар электрон шаклда намойиш этишга мўлжалланади.

Бундан ташқари, «Қаҳрамонлар аллеяси, тарихий саркарда ва халқ қаҳрамонлари» ҳайкаллари билан безатилади. Боғ ҳудудидаги мавжуд кўл асосида сув устида дам олиш мажмуаси ташкил қилинади. Турли тантанавий маросимларни ўтказиш учун кўп функцияли майдон ва мобил амфитеатр лойиҳаланиши режалаштирилди.