Судланувчи З. Равшанқулов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) йўл ҳаракати қоидалари талабларини бузиб, фожиа рўй беришига сабабчи бўлди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Нарпай тумани судининг раиси Илҳом Қорабоев «Газета.uz"га маълум қилди.

У ўтган йилнинг 6 октябрь куни эрталаб соат 8:30 ларда туманнинг Тепақўрғон маҳалла фуқаролар йиғини худудидан ўтган «М-37» автомобиль йўлининг 96 километрида ўзига тегишли «Кобалт» русумли автомашинани «Самарқанд — Бухоро» йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, йўл ҳаракати қоидаларининг 11-банди ва 77-банди шунингдек, 78-банди талабларини қўпол равишда бузади.

Йўлнинг ўнг томонидан чап томонига велосипедга мингашган ҳолда ўтаётган вояга етмаган ака-сингилни уриб юборади. Кўнгилсиз ҳодиса оқибатида вояга етмаган қизалоқ воқеа жойида, вояга етмаган ўғил эса, олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этади.

Судланувчи Зоир Равшанқуловнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятининг пастлиги, амалдаги тартиб-қоидаларга риоя этмагани икки нафар норасиданинг ҳаёти бевақт хазон бўлишига, бир оиланинг бошига кутилмаганда оғир мусибат тушишига сабаб бўлди.

Амалдаги қонунларда йўл-транспорт ҳодисаси юз берган чоғда жабрланувчиларга зудлик билан ёрдам кўрсатган, улардан кечирим сўраган, моддий мадад берган, дафн ва бошқа маросимларида иштирок этган шахсларга енгиллик берилиши белгилаб қўйилган. Судланувчи З. Равшанқулов ва унинг яқинлари бу фожиадан сўнг марҳумларнинг маъракаларига қатнашмаган. Жабрланувчиларнинг оиласидан кечирим сўрамаган. Кейинчалик судланувчи моддий ёрдам таклиф қилганида эса, жабрланувчи уни рад қилган.

Жабрланувчи Ш. Маматқулов ушбу жиноят иши судда кўрилаётган пайтда судланувчи З. Равшанқуловга нисбатан қонунда кўрсатилган энг оғир жазо чорасини тайинлашни сўради.

Суд судланувчи З. Равшанқуловни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор топди ва уни уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Судланувчи умрининг 8 йил 6 ойини темир панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Суд ўз навбатида, жабрланувчи Ш. Маматқуловга моддий ҳамда маънавий зарарларни судланувчи З. Равшанқуловдан ундириш бўйича умумий асосларда фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтирди.