23−26 апрель кунлари Тожикистоннинг «Фахрабад» полигонида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон республикалари мудофаа идораларининг разведка бўлинмалари ҳарбий хизматчилари иштирокида қўшма тренинг ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбир давомида икки мамлакат ҳарбий хизматчилари ўзаро тажриба алмашди, ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатлари учун муҳим масалалардан бири бўлиб келаётган терроризм хавфини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларининг турли вариантлари амалда синаб кўрилди.

Ҳарбий разведкачилар томонидан бажариладиган вазифалари, шунингдек, замонавий можароларда террорчилик ҳаракатларининг фаолияти ҳамда уларнинг ҳужум қилиш услублари инобатга олинган ҳолда ҳамкорликдаги машғулотлар тунги вақтда ҳам ўтказилди.

Иккала мамлакат офицер ва сержантлари бир неча кун давомида тоғ тайёргарлиги, муҳандислик иши, дала шароитида биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш, шунингдек, ҳарбий разведкада фойда берадиган бошқа йўналишлар бўйича ўз билим ва кўнимларини мустаҳкамлаб олдилар.

Айниқса, турли ландшафтга эга маҳаллий ҳудуд ва ўқув маҳаллий пунктида ўтказилган махсус тактик тайёргарликлар томонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ноқулай об-ҳаво шароити, бутун машғулотлар давомида кузатилган ёғингарчилик ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий мутахассисларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларига таъсир қила олмади. Тренингларда разведкачиларнинг жанговар қобилиятлари ўз тасдиғини топди.

Ўтказилган машғулотлар Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини, мудофаа вазирликлари ўртасида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ўзаро хоҳиш-истакларнинг очиқ далилидир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Тожикистон ҳудудида илк бор «Жанговар ҳамдўстлик — 2018» Ўзбекистон-Тожикистон махсус бўлинмалари ўртасида қўшма машғулот ўтказилган эди.