Минск трактор заводи (МТЗ) Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманида истиқомат қилувчи 100 ёшли Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Абдураҳим Мавлоновга трактор совға қилди, дея хабар берди Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси. «Беларус 82.1» русумли трактор калитини фахрийга ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Леонид Маринич топширди.

Абдураҳим Мавлонов Беларусни озод қилишда иштирок этиб, ушбу ҳодисанинг 65 ва 70 йиллиги муносабати билан юбилей медаллари билан тақдирланган. У жорий йилда хотира санаси муносабати билан тақдирланади.

«Трактор Мавлоновлар оиласининг деҳқон (фермер) хўжалигида қишлоқ хўжалиги ишларида фойдаланилади», — дейилади хабарда.

Тантанали маросимда Тошкент вилояти ва Олмалиқ тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон президенти администрациясидан раҳбарлар, Беларусь элчихонаси ҳамда шаҳар жамоатчилигидан вакиллар иштирок этди. Жами 500 нафардан зиёд меҳмон қатнашди.