Самарқанд шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармасининг янги ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда «Ситуацион марказ» учун бунёд этилган бино фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Zarnew.uz хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17−18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида қурилган бинода керакли шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

Жумладан, «Ситуацион марказ» тўлиқ замонавий техникалар билан жиҳозланган, 900 терабайт ҳажмга эга 2 дона сервер харид қилинган. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида мавжуд 4 мингдан ортиқ видео кузатув камераларининг 1100 дан зиёди геоинформацион тизимига тўғридан-тўғри уланган.

Шунингдек, содир этилган жиноятни иссиқ изидан очиш мақсадида профилактик ҳисобда турган шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилган. Самарқанд шаҳрининг геоинформацион харитаси орқали ҳар бир маҳалладаги хонадонлар, таълим муассасалари ва бошқа объектлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолати ҳақида зарур маълумотларга эга бўлиш мумкин. Марказда вилоят ички ишлар бошқармасининг тегишли соҳавий хизматлари ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилди.

Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароит ва ходимларнинг иш фаолияти, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг куч ва воситаларни ягона геоинформацион бошқариш тизими билан яқиндан танишди.

Маросим қатнашчилари Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси маъмурий биноси ҳовлисида ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган хизматчилар ёдгорлик лавҳаси очилишида ҳам иштирок этиб, сафдошларини хотирладилар.