27 апрель куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири генерал-полковник Вэй Фэнхэ бошчилигидаги ХХР ҳарбий делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ўзбек-хитой ҳамкорлигининг мудофаа ва ҳарбий таълим саҳосидаги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди, ҳарбий-техник йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашинди. Икки давлат мудофаа идоралари мутахассислари томонидан турли йўналишларда тажриба алмашиш учун мунтазам равишда амалга оширилаётган ташрифларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон мудофаа вазири меҳмонларни қизғин қутлаб, Ўзбекистон Республикаси президентининг Хитой Халқ Республикасига 2017 йил майойидаги давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди ҳамда ўзбек-хитой ҳамкорлиги ривожланишининг тарихий босқичи бўлганини қайд этди.

Ўзбекистон мудофаа идораси бошлиғи Ўзбекистон Хитой билан энг аввало, ҳар иккала давлат учун манфаатли, аниқ амалий кўринишдаги қўшма ҳамкорликни ривожлантириш борасида икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини таъкидлади

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ўртасида ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик суратининг ўсиши муҳим жиҳатлардан бири. Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Хитой Халқ-озодлик армияси ҳарбий-таълим муассасаларида фаол тайёргарликдан ўтмоқда. Хитойлик мутахассислар эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий-таълим муассасаларида бир неча бор семинар ва лекция машғулотларини ўтказган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Хитой Қуролли кучларига бағишланган синф ташкил этилган. Жорий йилнинг сентябрь ойидан эътиборан, хитойликлар ташаббуси билан ушбу олий ҳарбий таълим муассасасида хитой тилини интенсив тарзда ўрганиш курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Курсларга Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Конфуций номли Ўзбек-хитой институти ўқитувчилари жалб қилинади.

Якунда Ўзбекистон ва Хитой мудофаа вазирликлари ўртасида 2019 йилга икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланди.