Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев жума куни Халқаро пресс-клуб мажлисида Ўзбекистонда маҳаллаларнинг «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили бўйича ихтисослашуви мазмун-моҳиятини тушунтирди.

22 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислиги остида бўлиб ўтган йиғилишда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш масалалари кўтарилган эди. Мутасадди шахсларга ҳар ир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларни «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили бўйича мева-сабзавотчилик, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, куркачилик ва бошқа йўналишларга ихтисослаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари ихтисослашув бир неча турдаги маҳсулотлар етиштиришни тақиқлаш дегани эмаслигини таъкидлади.

«Масалан, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида узум токлари бўлмаган бирорта ҳам уй йўқ. У ерда бу йўналиш жуда ривожланган. Токлар остига бодринг ҳам экишади. Ихтисослашув бир туман аҳолиси фақат бир маҳсулот етиштириб, бошқаси тақиқланишини англатмайди. Агар улар (тадбиркорлар — таҳр.) биргаликда бир турдаги маҳсулотни етиштирсалар, бозор топиш имконияти каттароқ бўлади. Шунингдек, бу маҳсулот сифатига ҳам таъсир кўрсатади, улар бир-бирларидан ўрганади ва етиштириш технологияларини ўзлаштиради», — дея изоҳ берди Шуҳрат Тешаев.

Унинг сўзларига кўра, бошқа ҳудудларда ҳам узум етиштирилади, бироқ уларни Олтиариқ туманидаги билан сифат ва ҳажм борасида солиштириб бўлмайди.

«Бир гектар ердан 70 тоннагача ҳосил олувчи тадбиркорлар бор. Олтиариқ туманида чорвачилик билан ҳам шуғулланишади, бодринг ва бошқа маҳсулотлар ҳам етиштирилади, лекин асосий йўналиш — узумчилик. Ҳеч ким бунга мажбурламайди», — деди вазир ўринбосари.