Амалий ташриф билан Хитойга ташриф буюрган Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этиш учун 24−27 апрель кунлари амалий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.

Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашувида мамлакатлар ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгилаб олинди.

Шунингдек, Беларусь Республикаси президенти, Тожикистон Республикаси президенти, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси билан учрашувлар ўтказилди.

Президент «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этиб, нутқ сўзлади, минтақавий ҳамкорлик учун долзарб аҳамиятга эга қатор ташаббусларни илгари сурди.