29 апрелдан 4 майга қадар Американинг «Harlem Globetrotters» жамоаси баскетбол ўйинини ёшлар орасида тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашишиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Harlem Globetrotters аъзолари Фатима Листер (TNT) ва Жулиус МакКларкин (Zeus) Ўзбекистон мактабларида АҚШнинг Буллингга қарши миллий кампанияси томонидан яратилган, T.E.A.M Up at School дастури доирасида қатор маҳорат дарсларини ўтказишлари режалаштирилган.

Дастурнинг очилиш маросими 29 апрель куни Тошкентдаги 211-мактабда бўлиб ўтади. Harlem Globetrotters вакиллари мазкур тур давомида Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида буллингга оид тақдимотларини 60 дан ортиқ мактабларга намойиш этади. Бир ярим соатлик дастур давомида баскетболчилар турли хил ўйинлар орқали ўқувчи ва ўқитувчиларга зўравонликка қарши курашишни тушунтириб беради. Маҳорат дарслари якунида иштирокчиларга Harlem Globetrotters гуруҳи томонидан сертификатлар топширилади.

Лойиҳа доирасида АҚШлик профессор Лори Вульф мактаб ўқитувчилари ва психологларига ижобий психология усуллари бўйича бир қатор семинарлар ўтказади.

T.E.A.M Up at School дастури ўқувчиларга буллинг билан курашишда кўмак беради. T.E.A.M. — гапирмоқ (talk), раҳм қилмоқ (empathize), сўрамоқ (ask) ва мобиллашмоқ (mobilize) маъноларини англатади.

«Ёшлар ҳамжиҳатликда ишлашни ўрганиб, турли хил келишмовчиликларни зўравонлик билан эмас, балки мулоқот билан келишишни ўрганса, мактаблар болалар учун хавфсиз масканга айланиши мумкин», — деди АҚШ элчиси маслаҳатчиси Дебби Робинсон.

«Баскетбол АҚШнинг энг машҳур спорт турларидан бири ҳисобланади. Биз ҳам ўз навбатида баскетболни Ўзбекистонда ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Чунки бу спорт тури жамоада ишлашни ўргатишга имкон яратади. АҚШда баскетбол ўйинига болаларни жалб қилиш орқали жиноятчиликни камайтириш дастурлари муваффақиятли амалга оширилган. Ўйлашимча, бу тажриба биз учун ҳам фойдали бўлади. Ушбу лойиҳа доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг иккинчисини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз», — дея таъкидлади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Harlem Globetrotters баскетбол жамоаси 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар акробатик ва цирк услубига яқин, шунингдек унутилмас томошаларни намойиш этиб келмоқда. Harlem Globetrotters чиқишларини ҳар йили 1,5 миллион аҳоли кузатиб боради. Баскетбол жамоаси ва унинг асосчиси Эйбом Саперстен Баскетбол шон-шуҳратлари залига киритилган.

Harlem Globetrotters жамоасининг ташрифи Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилди.