25 апрель куни соат 23:00 ларда Андижон вилояти Марҳамат тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Б.П. бошқарувидаги Nexia автомашинасида «Марҳамат-Асака» йўлида йўлнинг ўрта қисмида ҳаракатланиб кетаётган пиёда Б. Б.ни уриб юборди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Натижада, фуқаро Б.Б. олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида суд-тиббиёт, суд-трассологик ва суд-автотехника экспертизалари тайинланган. Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум Б.Б. ҳодиса содир бўлишидан аввал кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат марҳумнинг яқин қариндошлари, ҳодиса содир бўлишидан бироз аввал кўришган дўстларининг кўрсатмалари билан ҳам тасдиқланган.

Шунингдек, тергов йўли билан пиёданинг қатнов йўлининг ўтиш мумкин бўлмаган қисмида автомашиналар ҳаракати йўналишига қарама-қарши траекторияда ҳаракатланиб келганлиги аниқланган.

Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилди.