22−26 апрель кунлари Гулистонда Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма демаркация комиссиясида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари делегацияларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Тадбир давомида Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегараси демаркациясининг якуний ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишлар давом эттирилди.

Қозоғистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида давлатлараро чегаранинг айрим участкаларида қўшма дала текширувлари ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ўртасидаги давлат чегарасининг айрим участкаларида демаркация чизиғини ўтказиш бўйича таклифлар юзасидан фикрлар алмашилди.

Музокаралар якунларида делегация раҳбарлари — Ўзбекистон Ергеодезкадастр давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаэв ва Қозоғистон ТИВнинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Вячеслав Гиззатов тегишли протокол имзолади.

Учрашувлар жадвалига биноан навбатдаги йиғилиш Қозоғистон ҳудудида бўлиб ўтади.