3 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи йиғилиши чақирилади, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Ялпи мажлис кун тартибига «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги, «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида"ги, «Яйловлар тўғрисида"ги қонунлар киритилган.

Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон қонунларини ҳам кўриб чиқади.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини, шунингдек Марказий банк, прокуратура органлари, Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилади.

Сенаторлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари, сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ҳукумат аъзоларига парламент сўровлари юбориш, шунингдек илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини муҳокама қилишади.