Жиззахда кўрилган суд ишида айбланувчилардан бирининг вафот этганлиги, шеригининг эса бир гуруҳ бўлиб жиноят содир этганлиги рад этиб бўлмас далиллар билан тасдиғини топмагани сабабли айблов ўс тасдиғини топмади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани судининг раиси Ғиёс Ялғашев «Газета.uz"га маълум қилди.

Низом Маҳкамов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) бундан олти йил бурун ҳовлисини жияни Фармонқулга сотганди. Фармонқул бепарволик қилди, уйни ўзининг номига расмийлаштиришга шошилмади. «Тоғам-ку, ўртамизда келишмовчилик чиқмайди», деган фикрда оила аъзолари билан янги ҳовлида эмин-эркин яшаб келаётганди.

Аммо 2016 йил улар яшайдиган маҳалладан бир нечта кўп қаватли уйлар барпо этиш режалаштирилди. Фармонқул оиласи билан яшаётган тоғасининг номидаги уй-жой ҳам бузиладиган бўлди.

Уйи бузилишга тушган фуқароларга Жиззах туманининг Қўшбармоқ маҳалласи ҳудудидан ер майдони ажратилиши белгиланди. Ҳақиқатан ҳам, ўша йилнинг 18 май куни туман ҳокимининг Қўшбармоқ маҳалласи ҳудудидан 46 нафар фуқарога олти сотихдан ер майдони ажратиш тўғрисида қарори чиқди. Қарорга фуқароларнинг рўйхати илова қилиниб, ер участкаларининг жойлашиш схемаси ҳам тасдиқланганди. Рўйхатда Фармонқулнинг тоғаси Низом Маҳкамовнинг ҳам исм-шарифи бор эди.

Ҳокимият вакиллари ва мутахассислар қарор чиққач, уй-жой қурилишига ажратилган ер майдонига келиб, фуқароларга ер участкаларини ўлчаб беришди.

Энди Фармонқул тоғасининг номидаги янги участкада уй-жой қуриши керак эди. Аммо оиланинг моддий имконияти бироз ночорлик қилаётгани сабабли уйнинг пойдеворини ҳалигача кўтаришга киришмаганди.

Декабрь ойининг бошларида Фармонқул янги ер участкасига боради. Буни қарангки, кимдир уйнинг пойдеворини тиклаб қўйганига кўзи тушиб, ҳайрон бўлади. Шу атрофдагилардан сўраб-суриштириб билса, ер участкасини фуқаро Қосим Шовқиев эгаллаб олган экан. Шундан сўнг у Қосимни излаб топади ва туман ҳокимининг қарори билан ер майдони тоғасига ажратилгани, ҳужжатларнинг асл нусхаси қўлида эканлигини айтади. Аммо унинг жавобини эшитиб, таажжубга тушади. Қосимнинг айтишича, июль ойида у бу ерни Исоқул Пўлатов билан Ойбек Қўчқоровдан сотиб олганмиш. И. Пўлатов уй-жойга тегишли ҳужжатлар нусхасини унга берган экан.

Қосим юқорида Ойбекнинг номини тилга олганди. Мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов органи О. Қўчқоровни хавфли рецидивист бўлатуриб, такроран И. Пўлатов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жабрланувчи Қ. Шовқиевнинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини билатуриб, ундан фойдаланиш жиноятларини содир этганликда айбдор деб топган.

Ойбек Қўчқоров муқаддам Жиноят кодексининг турли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этиб, беш маротаба судланган. 2018 йилнинг 1 июнида жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди унга нисбатан олтинчи марта айблов ҳукми чиқарган. Ҳукмга кўра, О. Қўчқоров Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди, 28,209-моддаси 1-қисми, Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми билан икки йил тўққиз ойга муайян ҳуқуқдан ва беш йил-у етти ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳозир номи тилга олинган суднинг ҳукми ўқилгандан сўнг орадан қирқ кун ўтиб, тергов органи Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 228-моддаси 3-қисми билан О. Қўчқоровни еттинчи марта жиноят содир этганликда айблаб, унга доир ҳужжатларни кўриб чиқиш учун судга ўтказди. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, дастлабки тергов органи О. Қўчқоровни 2018 йил 27 майдаги қарори билан Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан, яъни вафот этгани муносабати билан жиноят иши тугатилган таниши Исоқул Пўлатов билан ўзаро жиноий тил бириктирганликда айблаган.

Мазкур жиноят ишини судда кўриш жараёнида судланувчи О. Қўчқоровга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айблов ўз исботини топмади. Хўш, нега бундай бўлди?

Ойбекнинг асли касби устачилик бўлиб, у бинолар пойдеворига тош териш билан шуғулланган. Табиийки, янги уй-жой қуришга ер ажратилган жойда бу иш қўлидан келадиган устага талаб юқори бўлади. Бир куни у ишлаётган жойга таниши Исоқул Пўлатов келиб, шаҳардаги уйи бузилгани, шунинг учун ҳоким қарорига асосан ер участкаси ажратилгани, уни сотиш ниятида эканини айтади. Устадан харидор чиқса, хабар беришни, сотишга кўмаклашишни илтимос қилиб, ўзининг телефон рақамини қолдириб кетади.

Бир куни сотиладиган ер участкаси қидириб юрган Қосим Шовқиев Ойбекка учрашади. Суҳбат чоғида Ойбекнинг ёдига Исоқулнинг илтимоси тушади. Шунда у И. Пўлатовга қўнғироқ қилиб, харидор келганини айтади. И. Пўлатов тезда етиб келиб, Қ. Шовқиев билан учрашади. Исоқул Қосимни эргаштириб кетиб, «сотмоқчиман» дея кейинчалик фуқаро Н. Маҳкамовга тегишли эканлиги маълум бўлган ер участкасини кўрсатади. Бу пайтда Ойбек ўз иши билан банд эди.

Орадан бир неча кун ўтгач, Ойбек пойдеворга тош тераётган пайтда унинг олдида И. Пўлатов билан Қ. Шовқиев яна учрашишади. Шунда И. Пўлатов туман ҳокимининг қарори нусхасини, қарорга илова рўйхат ва ерларнинг жойлашув схемаси нусхасини Қ. Шовқиевга беради. Қосим ҳужжатларни кўздан кечиргач, улар нусха эканини айтиб, аслини олиб келишни сўрайди.

И. Пўлатов эса, ер участкаси 2016 йилнинг май ойида олингани, мана шу ҳужжат асосида қурилишни бошлайверишни айтиб, асл нусхасини кейинчалик беришни ваъда қилади. Жабрланувчи ер участкаси нархини сўраганида, И. Пўлатов «бошида озроқ пул берсангиз бўлгани, қолган қисмини бир йўла узарсиз, арзонроқ нархга келишамиз» дея жавоб қайтаради.

Бу суҳбатга О. Қўчқоров ҳам гувоҳ бўлганди. Уй-жой ҳужжатлари қўлдан-қўлга ўтганига ҳам кўзи тушганди. Қ. Шовқиев ўша пайтда И. Пўлатовга 500 минг сўм пул беради. И. Пўлатов эса, харидор топиб бергани учун чўтал сифатида Ойбекнинг қўлига 100 минг сўм тутқазиб, яна кечки пайт зиёфат уюштиришини айтади. О. Қўчқоров 100 минг сўмни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Жабрланувчи Қ. Шовқиевнинг суддаги кўрсатмаси ишнинг ҳақиқий ҳолатига тўлиқ ойдинлик киритди.

Жабрланувчининг кўрсатма беришича, у марҳум И. Пўлатов ернинг қалбаки ҳужжатларини қандай тайёрлаганидан хабари бўлмаган.

О. Қўчқоров фақат сотиладиган жой борми, деб сўраганида И. Пўлатовнинг ери борлигини айтган. Қолган ишларга судланувчи умуман аралашмаган. Бундан ташқари у ер участкасини судланувчи О. Қўчқоров орқали топгани туфайли дастлабки терговда ерни И. Пўлатов ва О. Қўчқоровлардан сотиб олгани ҳақида кўрсатма берган бўлиши мумкинлиги, аслида ер участкасини фақат И. Пўлатов билан савдолашиб, сотиб олгани, О. Қўчқоровга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирди.

Суд мажлисида қўшимча гувоҳ А. Қувондиқов Жиззах шаҳар, Зилол маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаши, О. Қўчқоровни танишини билдирди. О. Қўчқоров ҳақиқатан ҳам, устачилик билан шуғулланиши, тош теришини айтиб, ер сотганини эшитмагани, унинг устидан ариза ёки шикоятлар тушмагани ҳақида кўрсатма берди. Бундан ташқари қўшимча гувоҳлар Ғ. Боймуродов Ж. Пирназаровлар ҳам О. Қўчқоров ер участкаси сотиш билан шуғулланганини эшитишмаганини айтишди.

Кўрсатмаси суд мажлисида ўқиб эшиттирилган гувоҳ С. Пўлатова дастлабки терговда турмуш ўртоғи И. Пўлатов 2017 йилнинг 17 февраль куни вафот этгани, О. Қўчқоровни 2015 йилдан буён таниши, турмуш ўртоғи билан унинг саломалиги борлигини билиши, лекин уларнинг яқин муносабатларидан хабари йўқлигини билдирган.

Шунингдек, у турмуш ўртоғи И. Пўлатов ва О. Қўчқоровнинг Қ. Шовқиевга ер участкаси сотганидан, жабрланувчига берилган ҳужжатлар қалбаки эканидан хабари йўқ эканини таъкидлади.

Амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасига мувофиқ, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт.

Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Жиноят кодексининг 27-моддасида икки ёки ундан ортиқ шахснинг қасддан жиноят содир этишда биргалашиб қатнашиши иштирокчилик деб топилиши белгилаб қўйилган. Ишда аниқланган ҳолатлар дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айблов бўйича содир этилган жиноятда О. Қўчқоров иштирок этмаганини кўрсатди. Судланувчи О. Қўчқоровнинг фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ундан фойдаланиш жиноятига алоқадорлиги исботланмади. Бундан ташқари О. Қўчқоров И. Пўлатов билан тил бириктирмаган. Унинг жабрланувчи Қ. Шовқиевга И. Пўлатов томонидан тақдим қилинган ер участкаси билан боғлиқ ҳужжатларнинг сохталигидан хабари бўлмаган.

Жиноят ишида О. Қўчқоров марҳум И. Пўлатов билан бир гуруҳ бўлиб, жабрланувчи Қ. Шовқиевнинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланишга, жиноятларни содир этишга тил бириктирганини тасдиқловчи бирорта объектив далил мавжуд эмас.

Тергов органи иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширмаган.

Судланувчи О. Қўчқоровни И. Пўлатов билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб жиноят содир этганлиги рад этиб бўлмас далиллар билан тасдиғини топмаган. Ишда тўпланган далиллар О. Қўчқоровни ҳақиқатга мувофиқ келмаган шубҳа ва тахминларга асосан айблаб, хатоликка йўл қўйганини кўрсатди. Бундай ҳолатда суд О. Қўчқоровни жиноий ҳаракатни содир этганликда айблаб бўлмайди, деб ҳисоблади.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратадиган бўлсак, Жиноят процессуал кодексининг 23-моддаси 3-қисмига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, иш гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Суд қонунда мустаҳкамлаб қўйилган юқоридаги меъёрларга таяниб, О. Қўчқоровнинг ушбу жиноятни содир этишга дахли йўқлиги сабабли оқлов ҳукми чиқарди.