24−25 апрель кунлари Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилган эди. Ўзбекистон Қуролли Кучлар бош штаби ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳамкорлигида амалга оширилган ўқув дастурига асосан ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулотларининг иккинчи куни «Чирчиқ» полигонида давом этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари — Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев раҳбарлигида барча куч тузилмаларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқувлари режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра қўшинлар ва бошқарув органлари юқори жанговар шайликка келтирилиб, иштирокчилар «Чирчиқ» дала ўқув майдонига олиб чиқилди. Унда кучтузилмалари тегишли бўлинмаларининг замонавий хавф-хатарларга қарши ҳамкорликдаги тадбирларни бажариш кўникмалари яна бирбор синовдан ўтказилди.

Разведка ва бошқа муҳим маълумотларни тезкор алмашиш, реал вақт мезонлари асосида самарали ва ягона бошқарувни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Машғулотлар реал вазиятга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилди. Уларда ҳарбий авиация ҳам иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмалари билан биргаликда олиб борилган ўқув операциялар давомида ноқонуний қуролланган шартли жангарилар тўдаси батамом йўқ қилинди.

Машғулотлар якунида бўлинмаларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиниб, баҳоланди.