Жорий йил 25 апрель куни Гулистон шаҳар, 4-мавзеда жойлашган 9-сонли мактабгача таълим муассасасига бориб, ўзини «Сирдарё вилоят прокуратураси ходимиман» — деб таништирган, Гулистон тумани, Навоий маҳалласи, Ал-Хоразмий кўчаси, 7-уйда яшовчи 1994 йилда туғилган, фуқаро А.Заиржонов раҳбарият топшириғига асосан муассасани текширишга келганлигини айтиб, муассаса раҳбари Г.Узоқова иштирокида муассаса ходимлари билан йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда Сирдарё вилоят прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот гуруҳи хабар берди.

Муассаса раҳбари Г.Узоқовада ушбу шахс прокуратура ходими эканлигига шубҳа уйғонганлиги сабабли, вилоят прокуратурасига хабар бериб, вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ҳамда ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда А.Заиржонов воқеа жойида ушланди.

Суриштирув жараёнида, А.Заиржонов 2019 йил 25 апрель куни Гулистон шаҳар Намуна маҳалласида жойлашган 1-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Д.Бабаевага ўзини «Сирдарё вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи» — деб таништириб, мудирага келгусида хусусий боғча очиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, уни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан 400.000 сўм пул маблағларини олганлиги аниқланди.

Вилоят прокуратураси томонидан А.Зоиржоновнинг фирибгарлик ҳаракатига чек қўйилиб, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан 2019 йил 25 апрель куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу жиноят 26 апрель куни фуқаро А.Заиржоновнинг иштирокида у яшайдиган Гулистон тумани, «Навоий» маҳалласи ва жиноят содир этилган Гулистон шаҳри «Намуна» маҳаллаларида маҳалла фаоллари, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама қилиниб, чора-тадбирлар белгилаб олинди.