Хитойда амалий ташриф билан бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси янги биносини кўздан кечирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасининг уч қаватли янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида, АҚШ, Япония, Малайзия, Сингапур каби давлатлар элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган.

Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган.

Биринчи қаватда музокаралар, ишбилармонлик ва маданият тадбирларини ўтказишга мўлжалланган «Самарқанд», «Бухоро», «Хива», «Қўқон» заллари жойлашган.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароитлар билан танишар экан, мазкур даргоҳ миллий услубда безатилганига мамнуният билдирди ҳамда у Хитой томонининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка юксак эътибори намунаси эканини таъкидлади.