22 апрель куни Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига трактор ағдарилиши оқибатида жароҳат олган фуқарога ёрдам тўғрисидаги мурожаат келиб тушди.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи Б. М. тракторда дала ишларини бажарар экан, сурункали ёмғир ёғиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида машина ағдарилиб кетади. Натижада Б. М. оғир тан жароҳат олиб, қишлоқ врачлик пунктига етказилади.

Мутахассисларнинг кўриги натижасида, жабрланганга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланиб, беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига этказиш эҳтиёжи юзага келган. Бироқ ноқулай об-ҳаво, йўллардаги носозлик, қолаверса, қишлоқ ва туман маркази ўртасидаги олис масофа туфайли беморга зудлик билан ёрдам кўрсатиш имконияти йўқ эди.

Шу муносабат билан, Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг мурожаати асосида Жануби-Ғарбий алоҳида ҳарбий округ томонидан беморни эвакуация қилиш учун Мудофаа вазирлигига тегишли МИ-171 вертолёти ажратилиб, фуқаро Б.М. қутқарувчилар назорати остида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига этказилган.

Бемор аэродром ҳудудидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказилди. Ҳозирги вақтда беморга барча зарурий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.