Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда ўзи учун ажратилган қароргоҳда 25 апрель куни Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Беларусь президентининг Ўзбекистонга ўтган йилги расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани, уларни сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиққани ва амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши батафсил кўриб чиқилди. Президентлар икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми жадал ортаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Учрашувда ўзаро савдони кенгайтириш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, таълим, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Икки давлат раҳбари шерикликнинг янги йўналишларини самарали ривожлантириш мақсадида турли даражадаги мулоқотни фаол давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.