Япониялик актриса ва қўшиқчи Ацуко Маэда Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм бренди элчиси этиб тайинланди. 23 апрель куни Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов қўшиқчига тайинланганлик тўғрисидаги сертификатни топширди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маросимда Ацуко Маэда ўзбек томонига тайинлов тўғрисидаги қарор учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналарини япон жамиятига таништиришда фаол бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов видео-мулоқотда актрисани янги миссияси билан табриклаб, республикада япон сайёҳлари сони ортишига умид билдирди. Ўтган йил якунлари бўйиач япон сайёҳлари сони 17 минг нафардан ошди.

Ацуко Маэда — AKB48 поп-гуруҳининг собиқ аъзоси. У режиссёр Киёши Куросава Ўзбекистонда тасвирга олган «Саёҳат сўнги. Дунёнинг бошланиши» фильмида бош ролни ижро этди. Картина июнда Токиода тақдим этилади.