Ўзбекистонда январь-март ойларида ижтимоий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг январь-декабрига (9,3 фоиз) нисбатан 0,1 фоизга кўп, бироқ 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 0,3 фоизга пастроқдир.

Март ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республикадаги 108 та туман ва шаҳарларда кенг кўламли ижтимоий текширувлар ўтказилиб, фуқароларнинг 462 та ўз-ўзини бошқариш органлари, 4900 та уй хўжалиги ва 25691 нафар фуқаро қамраб олинди.

Текширув натижаларига кўра, энг юқори ишсизлик даражаси 9,7 фоиз билан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (8 фоиз) аниқланди. Ишга муҳтож аҳоли сони 1 миллион 391 минг кишини ташкил этди.

Ишсизлик даражаси 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида 15,3 фоизни, шундан 15−25 ёшлилар ўртасида 17,1 фоизни, аёллар ишсизлиги эса 13 фоизни кўрсатди. Меҳнат ресурслари миқдори меҳнатга лаёқатлилар сонининг 183,2 минг кишига ортгани ҳисобига 18 млн 953 минг аҳолини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп.

Ижтимоий фаол аҳоли сони эса 14 млн 767,1 мингга етган (2018 йил январь-март ойларига нисбатан 1 фоиз юқори). Бунда расмий ижтимоий сектордаги бандлик 5 млн 412,1 минг кишини ташкил қилади. Мазкур кўрсаткич ижтимоий соҳада банд бўлганлар (92,2 мингга), шунингдек, патентга эга юридик шахс бўлмаган тадбиркорлар (76,9 мингга) ортиши ҳисобига 176,3 мингга (3,4 фоизга) кўпайган.

Норасмий сектордаги бандлик эса ўтган йилги кўрсаткич билан бир хилда қолган — 7 млн 963,9 минг киши. Бунда вақтинчалик бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар сони (41,9 мингга) ошгани кузатилган, меҳнат шартномаларисиз ишлаётганлар ва махсус рухсатномасиз тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётганлар сони эса умумий олганда бироз (3,6 мингга) камайган.

Ижтимоий фаол бўлмган аҳоли сони ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги ёки 2 ёшгача бўлган фарзандлар қаровидаги аёллар (50,3 минг) ортиши ҳисобига, гарчи ўз хоҳишига кўра банд бўлмаган шахслар (8,7 мингга) бироз камайган бўлса-да, 4 млн 186,8 минг кишини (1 фоизга кўпайган) ташкил этди.

Чет элга ишга кетганлар сони 19,4 минг кишига камайиб, 2 млн 365,4 минг нафарни ташкил этди.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг январь-март ойларида меҳнат органларига 173,3 минг киши (улардан 61,9 минг нафари 16−30 ёшдагилар) мурожаат қилган. Мурожаатчиларнинг 62 минг нафари ишга жойлаштирилган, 49 минг нафари жамоат ишларига жалб этилган, 6977 нафари касбий тайёрловга йўналтирилган, 3863 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.