Илгари икки бор судланган бухоролик Н. Исломов олдинги ҳукм билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисмлари қўшилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозимжон Жўраев «Газета.uz"га маълум қилди.

1995 йилда туғилган Н. Исломов илгари икки маротаба жиноят кўчасига кириб, ўғрилик жиноятларини содир қилиб, суд томонидан жазо тайинланган бўлса-да, тузалиш йўлига кириш ўрнига яна қасддан жиноят содир қилди.

Биринчи маротаба 2015 йилда ЖК 169-моддаси 3-қисмининг «a» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унинг ёшлиги эътиборга олиниб, бу муддат 3 йил синов муддати белгиланди.

Иккинчи маротаба 2016 йилда, ҳали синов муддати тугамасдан Н. Исломов яна ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун унга ЖК 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Н. Исмоиловнинг ёшлиги, қилмишидан пушаймон бўлганлиги, ҳали оила қурмаганлиги, меҳр-оқибат нуқтаи назаридан жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди озодликдан маҳрум қилиш жазосини аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирган. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Н. Исломовга имконият бир эмас, икки маротаба берилган.

Юзага келган баъзи қийинчиликларни ҳал қилиш учун тер тўкиб ишлаш, узоқ фурсат лозимлиги ва сабр-тоқат қилиш шартлиги Н. Исломовга тинчлик бермади. У қандай қилиб бўлса-да, тез бойиб кетиш учун яна ўғирлик қилишга аҳд қилди.

2018 йил 4 октабрь куни куппа-кундузи, соат 11:00 ларда Н. Исломов ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Бухоро тумани «Работак» МФЙ Ўзбекистон кўчасидаги М. Абдуллаевага қарашли қурилиши тугалланмаган 46-уйга девордан ошиб киради.

Хоналарда тўрт девордан бошқа ҳеч вақо йўқлигини кўрган Н. Исмоилов, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда, жиноий ҳаракатларни охирига етказа олмаган.

Шу пайтнинг ўзида, соат 11:05 ларда фуқаро М. Абдуллаеванинг ўзи ва оила аъзолари истиқомат қилаётган шу уй билан ёнма-ён жойлашган иккинчи уйига ўтган, уйда хонадон аъзолари борлигини сезган ва яна ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноий ҳаракатларни охирига етказа олмасдан, ўғирлик жиноятини содир этишга қасд қилган.

Н. Исломов энди орқага қайтиш ўрнига «ови юришмаган йиртқич» сингари жиноий ҳаракатларни давом эттирди. Энди Н. Исмоилов ушбу уйга қўшни жойлашган Т. Муҳиддиновнинг уйига девордан ошиб тушиб, уйда бўлган 325 минг сўмлик моддий бойликларини ва темир сейфдан 6 млн. 945 минг сўм нақд пулларни ўмариб, жабрланувчига жами 7 млн. 270 минг сўмлик моддий зарар етказган.

Ушбу жиноят тўғрисидаги хабар етиб келгани заҳоти ички ишлар бўлими ходимларининг тезкор ва унумли ҳаракатлари боис жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи Н. Исломов қўлга олинди.

Суд жараёнида Н. Исломов айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, етказилган зарарнинг 6 млн. 570 минг сўмини қоплаганини, қолган 700 минг сўмини ҳам қоплашини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг ҳукмига кўра, Н. Исломов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,169-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, олдинги ҳукм билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисмлари қўшилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Н. Исломов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди ва тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.